Толиблар Қандаҳордаги аэродромга ҳужум қилди, 18 киши нобуд бўлди

Чоршанбага ўтар тунда толиблар Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятидаги бош ҳарбий аэродромга ҳужум қилди.

Хабарларга кўра, жанг тонггача давом этган.

Томонлар кўрган талафотлар тўғрисидаги маълумотлар бир-биридан фарқланмоқда. Маҳаллий расмийларга кўра, ҳукумат ҳарбийларидан 9 киши ҳамда бир ноҳарбий ҳалок бўлган. Шунингдек, уч жангари ҳам ўлдирилган.

Қандаҳордаги Афғонистон қўмондонлиги 18 кишининг ўлгани ва 28 кишининг яраланганини хабар қилди.

Ҳужумга нишон бўлган аэродром вилоят маркази Қандаҳор шаҳридан 30 км узоқликда жойлашган бўлиб, Афғонистондаги иккинчи йирик ҳаво майдонидир. Бу аэродромдан Халқаро кучлар фойдаланади.

НАТОнинг Афғонистондаги кучлари қўмондонлиги чет эллик ҳарбийлар орасида қурбонлар йўқлиги тўғрисида баёнот берди.