ИДнинг молиявий раҳбари АҚШ ҳужуми пайтида ўлдирилди

"Исломий давлат" жанггариси.

АҚШ етакчилигидаги коалициянинг ҳаводан берган сўнгги зарбалари оқибатида “Исломий давлат” гуруҳининг молиявий масалалар бўйича раҳбари ҳалок бўлгани хабар қилинди.

АҚШ армияси расмийси, полковник Стив Уоррен 10 декабрь куни молиявий раҳбар Абу Салоҳ билан бирга гуруҳнинг яна икки юқори мартабали вакили ҳам ўлдирилганини айтди.Унга кўра, Абу Салоҳ “Исломий давлат” гуруҳида молиявий масалалар билан шуғулланувчи яккаю ягона тажрибали мутахасис бўлган. Ҳалок бўлган икки кишидан бири гуруҳ босиб олган ерларни талаб-тўнаш ишига раҳбарлик қилган, иккинчиси эса ижрочи директорга ўхшаш лавозимда бўлган.

“Исломий давлат” гуруҳи 2014 йилда Ироқ ва Суриянинг бир қатор ҳудудларини босиб олиб, халифалик эълон қилган эди. АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция бир йилдан кўпроқ вақтдан бери гуруҳ манзилларини ҳаводан бомбардимон қилиб келади.