Россияда ўқиётган туркиялик талабалар ўқишдан ҳайдалди

Москвадаги ядровий тадқиқотлар миллий университетида ўқиётган бир гуруҳ туркиялик талаба ўқишдан ҳайдалди.

Бу ҳақда "Дождь" телеканалига интервью берган Россиядаги туркиялик талабалар ассоциацияси вакили Окан Йилдизга кўра, ушбу университетда ўқиётган туркиялик талабалар жойлашган ётоқхона полиция ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари томонидан тинтув қилинган.

Окан Йилдизнинг айтишича, туркиялик талабалар наркотик сақлаганлик ва терроризмни қўллаб-қувватлашда айбланмоқда.

Шунингдек, Йилдиз маълумотига кўра, Воронеж ва Саратовда ўқиётган туркиялик талабалар ҳам ўқишдан ҳайдалган. Воронеждаги юқори технологиялар институти туркиялик талабаларнинг ўқишдан четлатилишини уларнинг институтдан молиявий қарздорлиги билан изоҳлашган.

1 декабрь куни Россия таълим ва фан вазирлиги Туркияда академик алмашув дастури бўйича ўқиётган россиялик талабалар ватанга қайтарилишини маълум қилди. Лекин вазирлик Россияда ўқиётган турклиялик талабалар ўқишларини давом эттиришлари мумкинлигини таъкидлаган эди.

Москва ва Анқара ўртасида муносабатлар 24 ноябрь куни туркиялик ҳарбийларнинг Россияга тегишли Су-24 учқичини уриб туширганидан сўнг совуқлашди.

Россия ҳукумати Туркиядан олиб келинадиган кўплаб товарларни тақиқлади, Туркия фуқаролари учун визасиз режим олиб ташланди ва Туркияга учадиган чартер рейслари ҳам бекор қилинди.