Керри: Вашингтон ИДни йўқ қилиш учун Москва билан ҳамкорликка ҳозир

АҚШ Давлат котиби Жон Керри (ч) ва Россия президенти Владимир Путин (ў), Москва, 2015 йил 15 декабри.

Вашингтон “Исломий давлат” гуруҳини йўқ қилиш учун Москва билан ҳамкорлик қилишга тайёр. АҚШ Давлат котиби Жон Керри сешанба куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашганидан кейин ана шундай баёнот берди.

Керри Россиянинг юқори лавозимли расмийлари билан учрашув чоғида Нью-Йоркда ўтказилажак тинчлик музокараларига таклиф қилинадиган мухолифат гуруҳлари бўйича ҳамжиҳатликка эришилгани, бу гуруҳлар орасида “Исломий давлат” жангарилари ҳам, “Ал-Қоида”га алоқадор Жабҳат ан-Нусра аъзолари ҳам бўлмаслигини билдирди.

АҚШ Давлат котиби Путин билан Сурияда аксилтеррор амалиётлари ўтказиладиган жойлар ҳақида ахборот алмашиш имкониятини ҳам муҳокама қилганини маълум қилди.

Айни пайтда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Исломий давлат” гуруҳига қарши кураш учун 34 мамлакат иштирокида тузилган коалиция бўйича Саудий Арабистонидан тафсилотлар кутаётганини билдирди.