Толибон Ҳелманд вилоятининг Сангин туманини ишғол этди

Ҳелманд вилояти Толибон учун муҳим ҳисобланади

Толибон жангарилари Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятида стратегик аҳамиятга эга туманлардан биринри эгаллаб олди. Ҳелманд вилояти ҳокимининг ўринбосари Муҳаммад Жон Расулярнинг 21 декабрь куни билдиришича, Толибон жангарилари Сангин туманини деярли тўлалигича ишғол этишган.

Расулярнинг айтишича, ҳукумат армияси кучларига қарашли иншоотларгина жангарилар назоратидан ҳоли қолмоқда. Жанглар ҳамон давом этаётганини қўшимча қилди расмий.

Кобулда президент Ашраф Ғани ва Миллий бирдамлик ҳукумати ижроия раиси Абдулла Абдулла хавфсизлик масалаларига алоқадор вазирлар билан учрашувдан кейин “тезкор чоралар” кўрилишини ваъда қилишди.

19 декабрь куни Расуляр Facebook орқали президент Ғанига мурожаат этиб, марказий ҳукумат ёрдам кўрсатмаса, Ҳелманд вилояти жангарилар назоратига ўтиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. У ўтган бир ой ичида рўй берган жангларда маҳаллий хавфсизлик идораларининг 90дан ошиқ вакили ҳалок бўлганини билдирди.

Ҳелманд вилояти Толибон ҳаракати учун муҳим ҳисобланади. Бу ерда етиштириладиган қора дори жангарилик ҳаракатини молиялашнинг асосий манбаларидан биридир.

Ўтган йили АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция расман жанговар миссиясини тугатиши ортида Афғонистон бўйлаб зўравонликлар кўлами ошган.