Ўзбекистон Россия билан муҳожирлар бўйича ҳукуматлараро келишувни тайёрлади

Марказий осиëлик муҳожирлар Камчаткадаги ФМС олдида ҳужжат учун навбатда

Ўзбекистонликларнинг Россия ҳудудида ишга ёлланиши ва ишлашини тартибга солувчи ҳукуматлараро келишув матни тайёрланиб, Россияга тақдим қилинди.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги матбуот хизматига таяниб, 12news.uz нашрининг хабар қилишича, Россиядаги давлат ва хусусий корхоналар томонидан ўзбекистонликларнинг ишга ёлланиши ва танловдан ўтказилиши, бу жараёнда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоя билан таъминланишини кафолатлаш тартиб-қоидалари белгиланган ҳужжат лойиҳаси дипломатик каналлар орқали Россияга йўлланган.

Ҳозирда ҳужжат Россия томони муҳокамасидан ўтаётгани айтилмоқда.

Икки давлат ҳукуматлари ўртасида бу ҳужжатни тайёрлаш ишлари 2015 йилнинг бошида бошланган эди.

Россия Федерал миграция хизматига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони 2 миллиондан ортиқдир, аммо расман рўйхатдан ўтмай юрган яна юз минглаб ўзбекистонлик ноқонуний равишда яшаб-ишламоқда.

Норасмий манбалар Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари сони 5 миллиондан 8 миллионга қадар, деб ҳисоблайди. Бу муҳожирларнинг катта қисми ҳужжатсиз, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясиз оғир шароитларда ишламоқда.