Эрон инқилоби пайтида гаровда сақланган АҚШ дипломатларига товон пули тўланади

Теҳронлик фотосуратчи Манучеҳр Дегхатий 1979 йилги Эрон инқилоби пайтида олган сурат.

Эронда 1979 йилда содир этилган инқилобдан сўнг 444 кун давомида Теҳронда гаровда ушлаб турилган АҚШ элчихонаси дипломатлари ва ходимлари 36 йилдан сўнг товон пули ундиришга муваффақ бўлди.

1979 йилда Теҳронда 53 одам гаровда ушлаб турилдган эди. Уларнинг 37 нафари ҳозир ҳам ҳаёт. Президент Барак Обама имзолаган ҳужжатга биноан уларнинг ҳар бирига гаровда ўтказилган ҳар бир куни учун 10 минг доллардан компенсация тўланади. Бир одамга бериладиган компенсациянинг умумий миқдори 4 миллион 400 минг долларни ташкил қилади.

Товон пули Франциянинг BNP Paribas банки Эрон, Куба ва Суданга жорий этилган санкцияларни бузгани учун тўлайдиган 9 миллиард долларлик жарима ҳисобидан бериладиган бўлди.

Эрондаги инқилоб пайтида АҚШ элчихонаси исёнчилар томонидан ишғол қилинган эди. Гаровда ушлаб турилганлар жисмоний ва руҳий қийноқларга ва ноинсоний муносабатга дучор бўлган.