Рамадида "Исломий давлат" мағлубиятга учради

Рамади шаҳри марказида ўтказилган жанглар.

Ироқ расмийлари ҳукумат кучлари Рамади шаҳридаги ҳукумат бинолари комплекси устидан назоратни қўлга киритганини маълум қилди.

Ироқ ҳукумат кучлари расмийси Сабоҳ ал Нўмонийнинг билдиришича, “Ҳукумат бинолари комплексининг қўлга киритилиши "Исломий давлат" гуруҳининг Рамадидаги мағлубиятини англатади”.

Хабарда айтилишича, Рамади маркази тўла ҳукумат кучлари томонидан назорат қилинмоқда ва бу ерда жанггарилар йўқ қилинган.

Ироқ қуролли кучлари 22 декабрь куни Рамади мараказидаги ИШИД назоратида қолаётган сўнгги ҳудудига ҳужум бошлаганди. Бағдоддан 100 километр ғарброқда жойлашган асосан суннийлар истиқомат қиладиган Рамади шу йилнинг май ойида “Исломий давлат” томонидан ишғол этилган эди.

Рамади Ироқда Тикритдан сўнг “Исломий давлат”дан тортиб олинган иккинчи йирик шаҳар бўлди.