Москвада ИДга молиявий кўмак берганликда айбланаётган толиба судланмоқда

Москва округ ҳарбий судида кеча “Исломий давлат” террор гуруҳига кўмак берганликда айбланаётган 24 ёшли толиба Саида Холиқова иши бўйича маҳкама жараёни бошланди.

Тергов иддаосига кўра, Астрахан тиббиёт академияси толибаси ИДга 43 минг рубль ўтказган. Холиқованинг адвокатлари қиз совун сотиб, ишлаб топган пули қаерга кетаётганини билмаган ва у пулни Дарья Ицанкова деган танишидан олган ҳисоб рақамига юборган, холос. Адвокат Собир Агаевга кўра, терговчи қисқа муддатли қамоқ жазоси бериш эвазига ўз айбини бўйнига олишга кўндирган.

Саида Холиқованинг онаси Россия президенти Владимир Путинга қизига нисбатан адолат қилинишини сўраб, хат орқали мурожаат қилган. Хатда у қизини қилмаган иши ҳақидаги эътирофномани имзолашга мажбур қилишганини ёзган.