Бельгияда террор ҳужуми режалаштирганликда гумон қилинган 2 шахс ҳибсга олинди

Бельгияда Янги йил маросимлари пайтида Брюсселда ҳужумлар уюштиришни режалаштирганликда гумон қилиниб, 2 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда бугун Бельгия федерал прокуратураси маълумот тарқатди.

Гумон қилинаётган икки шахс якшанба ва душанба кунлари Брюссель ва Льеже шаҳарлари атрофларида ҳамда Фламанд Брабанти минтақасида ўтказилган рейдлар давомида қўлга олинган. Уларнинг исм-фамилиялари, ёши ва жинси тўғрисида маълумот берилмади.

Тинтув давомида ҳарбий кийим, информация ташувчи электрон асбоблар ҳамда “Ислом давлати” экстремистик гуруҳининг тарғибот материаллари топилгани, бироқ қурол ва ўқ-дори топилмагани хабар қилинди.

Айтилишича, дастлаб 6 киши қўлга олинган, лекин улардан 4 нафари кейин қўйиб юборилган.

Бельгия федерал прокуратурасига кўра, ўтказилган рейдларнинг ўтган ойда Парижда амалга оширилган ҳужумларга алоқаси йўқ.

13 ноябрь куни Парижда содир этилган террор ҳужумларидан 130 киши ҳалок бўлган эди.