Саудия Арабистонида терроризмда айбланиб 47 киши қатл қилинди

Cаудия Арабистонида терроризм, иғво солиш ва зўравонликда айбланиб 47 киши қатл қилинди. Уларнинг 45 нафари саудияликлар, бир нафари мисрлик ва яна бир нафари Чад республикасидан.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, ҳукм бугун Саудия Арабистонининг 12 та минтақасида амалга оширилган.

Қатл этилганлар орасида 2011 йилда Саудия шарқидаги шиалар норозилик акциясига раҳбарлик қилган таниқли шиа уламоси Нимр ал-Нимр ҳам бор.

Ан-Нимр мамлакат аҳолисининг 15 фоизини ташкил этувчи шиаларга зулм қилинаётганига қарши чиққан эди.

Саудия Арабистонида ўтган йили 157 одам, бултурги йил эса 90 киши қатл қилинган эди.