Теҳрон Саудияни Ямандаги Эрон элчихонасини ҳаводан нишонга олганликда айблади

Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Ар-Риёд ҳукумати тарафидан шиа уламосининг қатл этилиши ортидан таранглашишда давом этмоқда

Расмий Теҳрон Саудия Арабистони ҳарбий учоқлари Яман пойтахти Саннадаги Эрон элчихонасини “атайлабдан” нишонга олганини айтмоқда. “Саудия Арабистони элчихона биносига етказилган зарар ва айрим ходимларининг жароҳатланиши учун масъулдир”, дея баён қилди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Ҳуссайн Жобир Ансарий 7 январь кунги чиқишида.

Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган Ҳутий исёнчиларга қарши ҳарбий ҳаракатларни олиб бораётган Саудия етакчилигидаги коалиция матбуот вакили Теҳроннинг иддаолари бўйча текширув ўтказилишини билдирди.

Матбуот вакили Аҳмад Ассарий коалиция учоқлари 6 январь куни кечқурун Санаада кенг кўламли ҳаво ҳужумларини амалга оширганини тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳаво ҳужумида Ҳутий исёнчилар Саудия Арабистонига ракета отиш учун ишлатадиган позициялар нишонга олинган.

Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Ар-Риёд ҳукумати тарафидан шиа уламосининг қатл этилиши ортидан таранглашишда давом этмоқда.

7 январь куни Теҳрон Саудия Арабистонида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга эмбарго жорий этганини билдирди.