Обама: АҚШ Жанубий Корея ва Япония мудофаасини таъминлаш мажбуриятига содиқ қолади

АҚШ Президенти Барак Обама

АҚШ Президенти Барак Обама Америка Жанубий Корея ва Япония мудофаасини таъминлаш бўйича мажбуриятларига содиқ қолишини таъкидлаб, водород бомбасини синовдан ўтказганини айтаётган Шимолий Кореяга нисбатан чоралар кўришни ваъда қилди.

Жанубий Корея Президенти Пак Гин Хе ва Япония Бош вазири Шинзо Абе билан телефон суҳбатида Обама “Шимолий Кореянинг масъулиятсиз хатти-ҳаракатларига жавобан иттифоқчилар ягона ва қатъий халқаро чораларнинг кўрилиши борасида биргаликда иш олиб боришлари лозим”, дея таъкидлади.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳам Жанубий Корея ва Япония ташқи ишлар вазирлари билан бу хусусда телефон орқали сўзлашди.

2013 йилда Шимолий Корея ядровий синов ўтказиши ортидан Вашингтон огоҳлантирув рамзи ўлароқ Жанубий Кореяга атом бомбасини ташувчи стелс русумидаги В-2 стратегик бомбардимончи учоғини жўнатган эди. Бунга жавобан Шимолий Корея Қўшма Штатларга ядровий ҳужум уюштириш билан таҳдид қилган эди.

Қўшма Штатлар 1991 йилда Жанубий Кореядан тактик ядвровий ракеталарни олиб чиққан ва бу мосламаларни қайтариши эҳтимолдан жуда йироқ экани айтилади.

Шимолий Корея 6 январь куни термо-ядровий синов ўтказганини эълон қилди