Немис расмийлари: Аёлларга тажовуз қилганларнинг 18 нафари қочқин

Аёлларга тажовузга қарши Германия бўйлаб бир қанча норозилик намойишлари ўтказилди.

Янги йил оқшомида Германиянинг Кёльн шаҳрида аёлларга тажовуз қилганликда айбланиб ушланганлардан 18 нафари бошпана изловчи шахслар экани аниқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Германия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Тобиас Плейтга кўра, аёлларга тажовузда айбланиб ушланганлардан 32 нафарининг исми-шарифи аниқланган ва улардан 18 нафари бошпана сўраб ариза берган шахслардир.

Плейтнинг айтишича, аёлларга тажовузларнинг аксарида тунаш ва тан жароҳати етказиш ҳолатлари бўлган. Ҳибсга олинганлардан уч нафари жинсий зўрлашда айбланаяпти.

Янги йил арафасида Кёльннинг марказий темир йўл вокзали ҳудудида маст ва безорилар гуруҳи аёлларга ҳужум қилган ва уларни тунаган.

Ҳамбург ва Штутгарт полицияси ҳам аёллар худди шундай ҳужумларга учрагани ҳақида хабар қилди.

Ҳозирга қадар ҳуқуқ-тартибот идораларига тажовузга учраганлардан саксондан зиёд ариза тушган.

Аёлларга тажовузга қарши Германия бўйлаб бир қанча норозилик намойишлари ўтказилди.