Форс кўрфази кенгаши Саудия Арабистонининг Эронга муносабатини қувватлади

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлиги кенгашига аъзо 6 давлат раҳбарияти Саудия Арабистонининг Эрон билан дипломатик алоқаларни узишини қувватлашини билдирди.

Улар Эрон раҳбариятининг Саудияда шиа уламоси Нимр Бакр ан-Нимрнинг қатл қилинганига эътирозини Риёднинг ички ишларига аралашув, деб баҳоламоқда.

Кенгашга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари 9 январ куни фавқулодда учрашиб, айни масалани муҳокама қилди ва юқоридаги мазмунда баёнот эълон қилди.

Бунга қадар БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматлари Саудия-Эрон можароси Сурия конфликти остига чўккан мазҳаблараро низони юзага чиқариши ва вазиятни янада оғирлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Шунингдек, бу ҳол Яқин Шарқда тинчлик музокаралари натижасини йўққа чиқариши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда.

Шиа уламолари бошқараётган Эрон режими айни дамда Сурия президенти Башар Ассад кучларини, Саудия Арабистони эса Ассадга мухолиф исёнчи гуруҳларни қувватламоқда.

Саудия Арабистони террорчи, деб ҳисобланган шиа мазҳаби арбоби Нимр Бакр ан-Нимрни 2 январь куни 40 дан ортиқ шахс билан бирга қатл қилган.

Нимр Бакр ан-Нимрнинг қатл этилишидан норози бўлган намойишчилар якшанбага ўтар кечаси Теҳронда Саудия Арабистони элчихонасига бостириб кирган ва ўт қўйган.