Араб давлатлари лигаси Эронни муҳокама қилди

Араб давлатлари лигаси саммити, Қоҳира.

Араб давлатлари лигаси ташқи ишлар вазирлари Эронни араб давлатлари ички ишларига аралашётганликда айблади.

Миср пойтахти Қоҳирада 10 январь куни ўтказилган Араб давлатлари лигаси ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишида Эрон халқаро меъёрларни бузган ҳолда Теҳрондаги Саудия Арабистони элчихонасига ҳужум қилиниши олдини олмагани қораланди.

Шиалар аҳолисининг кўпчилик қисмини ташкил қилувчи Ливангина Араб давлатлари лигасига аъзо мамлакатлар орасида Эроннинг қораланишига қарши чиқди.

Араб лигасида Эронга қарши конкрет чоралар кўриш масаласи муҳокама қилинмади.

Саудия Арабистони Эрон билан дипломатик алоқаларни январь ойи бошларида тўхтатган эди. Бунга Саудияда шиа шайхи Нимрнинг қатл этилишига норозилик сифатида Теҳрондаги Саудия Арабистони элчихонасига ўт қўйилгани сабаб бўлган.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф 10 январ куни Саудия Арабистонини вазиятни кескинлаштираётганликда ва Сурия бўйича тинчлик музокараларини тўхтатишга ҳаракат қилаётганликда айблади.

Лекин БМТнинг Сурия бўйича вакили Стаффан д Мистура кеча Теҳронга қилган сафари чоғида Сурия бўйича тинчлик музокаралари 25 январда бошланишини билдирди.