Теҳрон АҚШнинг Эрон баллистик ракета дастурига қарши санкциясини қоралади

Теҳрон раҳбарияти АҚШ томонидан Эроннинг баллистик ракета дастури учун жорий қилинган янги санкцияларни қоралади.

Теҳрон баёнотида Яқин Шарқ давлатларига қурол-яроғ сотаётган АҚШ бундай санкцияни қўллашга "қонунан ёки маънан ҳақли эмас", дейилган.

16 январь куни Вашингтон ва Европа давлатлари Эроннинг ядровий дастури боис жорий этилган иқтисодий санкцияларни бекор қилган эди. 17 январь куни АҚШ томони Эронда баллистик ракета ишлаб чиқариш дастурига алоқадор ширкат ҳамда шахсларга қарши янги санкцияларни эълон қилди.

Бу санкциялар октябрь ва ноябрь ойида Эронда ўтказилган баллистик ракета синовларига норозилик тарзида жорий қилинди. БМТ бу синовларни 2010 йилда Хавфсизлик кенгашида қабул қилинган резолюцияга зид, деб топган.