Гулнора Каримовага пора берганликда гумонланаётган Vimpelcom АҚШ ва Европага жами 1 миллиард доллар жарима тўлайди

Ҳолландияда рўйхатга олинган Vimpelcom ширкати Ўзбекистондаги фаолиятига дахлдор коррупция тергови доирасида АҚШ, Швейцария ва Ҳолландия ҳукуматларига жами 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаши мумкин. Rambler News Service агентлигининг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Vimpelcom яқин вақт ичида мазкур мамлакатлар тергов идоралари билан бунга оид келишувга эришилганини эълон қилиши мумкин.

АҚШ Адлия вазирлигидаги манбага кўра, Vimpelcom Америка назорат идораларига 750 миллион доллар Европа Иттифоқи идораларига эса 250 миллион доллар миқдорида жарима тўлайди.

Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага пора берганликда гумон этилаётган Vimpelcom 775 миллон доллар жарима эвазига АҚШ Адлия вазирлиги тергов қилаётган иш судга оширилмаслиги устида музокара қилаётгани тўғрисидаги хабарлар ўтган йилнинг ноябрида пайдо бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони учун Гулнора Каримовага пора бергани гумон этилаётган Швециянинг TeliaSonera ширкати ҳам АҚШ ҳукуматига рекорд даражадаги 1,7 миллиард доллар жарима тўлаши мумкинлиги тўғрисида хабар қилинган эди.