Ангела Меркель қочқинлар масаласини музокара қилгани Анқарага келди

Сурия ҳукумат кучларининг Россия ёрдамида Аллепо шаҳрида ҳужумлар кўламини ошириши оқибатида минглаб қочқинлар Туркия чегараси томон ёпирилмоқда.

Туркия кўпчилиги аёллар ва болалардан иборат қочқинларга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Лекин Анқара мамлакат чегараларини ёпиб қўйган.

Гуманитар ёрдам ташкилотлари “вазият” аянчли тус олаётганидан огоҳлантирмоқда.

Айни пайтда, Германия Канцлери Ангела Меркель Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғон ва Бош вазири Аҳмат Довутўғли билан музокара қилгани 8 февраль куни Анқарага етиб келди.

Европа Иттифоқи Анқара қочқинлар учун ўз чегараларини очиқ қолдириши лозим, демоқда. Лекин шу билан биргаликда Туркия Ғарбий Европага қочқинлар оқимини тўхтатиши борасида ҳам босим ўтказади.

Қочқинларнинг аксари Европага Туркия орқали ўтмоқда. Брюссел қочқинлар оқимини тўхтатишда ёрдам бериш эвазига Анқарага 3 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам ваъда қилган.