ҲРУ: Украина шарқидаги урушда юзлаб мактаблар вайро этилди

Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботига тиркалган расмлардан бири

Украина шарқидаги уруш оқибатида юзлаб мактаблар вайрон қилинган, жумладан кўплаб мактаблардан қуролли можаронинг иккала тарафи ҳарбий мақсадларда фойдаланган.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти 11 февраль куни эълон қилган ҳисоботда яна айтилишича, урушдан омон қолган мактаблар ҳозирда ҳам хавфли вазиятда фаолият олиб бормоқда. Кўплаб болалар мактабга қатнашни бутунлай тўхтатиб қўйган, дейилади ҳисоботда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Украина ҳукумат кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасидаги можаро иштирокчиларини болалар хавфсизлиги, уларнинг таълим олиш имкониятини таъминлаш ҳамда макатбаларнинг ҳарбий мақсадларда ишлатилишининг олдини олиш бўйича тезкор чораларни кўришга чақирди.

ҲРУ ҳисоботи 41та мактаб ва боғчада 62 нафар ўқувчи ва ўқитувчилар ҳамда гувоҳлар билан ўтказилган суҳбатларга асосланган.