Аннексия қилинган яриморолда қрим татарларининг уйи тинтилди

Боғчасарой туманида яшовчи қрим татарларининг уйини тинтишга келган тезкор ходимлар.

Россия томонидан аннексия қилинган Қримда пайшанба кунги тинтувлардан кейин қрим-татар миллатига мансуб камида 9 киши ҳибсга олинди. Маълумотларга кўра, кеча Ялта ва Боғчасаройдаги қрим татарлари яшайдиган 12 та уйда тинтув ўтказилган. Яриморолнинг россияпараст расмийлари қўлга олинган шахсларнинг тўрт нафари “Ҳизбут-Таҳрир” гуруҳига аъзоликда гумонланаётганини билдирганлар.

Уйлари тинтилган қрим татарларининг айримлари шу кунда Қримда инсон ҳақларига оид вазиятни мониторинг қилиш мақсадида юрган Европа кенгаши делегацияси вакиллари билан учрашгандилар.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоли Эмил Қурдебинов Россия Федерал хавфсизлик хизматини қрим татарларига қарши сохта айбловлар уйдираётганликда айблади.

“Крым.Реалии” сайтининг қрим-татар фаоли Абдурешит Жеппаров сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, тинтувлар шафқатсиз усуллардан фойдаланган ҳолда ўтказилган, қуролланган ФХХ ходимлари, қаршиликка учрамаган бўлсалар-да, қрим татарлари уйларини штурм қилганлар, ойна ва эшикларни синдирганлар.

2014 йил мартида Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан сўнг яриморолда инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият ёмонлашган, киевпараст фаоллар, журналистлар ва қрим-татар жамоатчилиги вакилларига қарши қатағон кучайган. Бу ҳақда ЕХХТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳақлари бюроси ҳамда Миллий озчиликлар ишлари бўйича олий комиссари томонидан 2015 йил сентябрида тайёрланган ҳисоботда айтилган.