Рус мухолифатчиси Касьянов Владимирда тухумбўрон қилинди

Владимир шаҳрида ҳужумга учраган Михаил Касьянов.

Россиялик мухолифатчи Михаил Касьянов жорий ҳафтада иккинчи марта ҳужумга учради. Бу гал у тухумбўрон қилинди.

ТАСС агентлигининг хабар қилишича, ҳужум 11 февраль куни Москвадан 200 километр нарида жойлашган Владимир шаҳрида мухолифатчи машинадан тушаётган пайтда содир бўлган. Агентлик маълумотига кўра, ҳужумчилар ўзларини “Халқ озодлик ҳаракати” аъзолари дея танитганлар.

Касьяновга 9 февраль оқшомида ҳам ҳужум уюштирилганди. Россиянинг собиқ бош вазири ва ҳозирда мухолифат лидери бўлган Касьяновга кўра, ўша куни у овқатланиб ўтирган ресторанга бир неча киши кириб, аввал мухолифатчига таҳдид қилган, кейин эса унга торт улоқтирган.