ЕХҲТ: Украина шарқидаги вазият яна оғирлаша бошлади

ЕХҲТ Бош котиби Ламберто Заннье.

ЕХҲТнинг билдиришича, Украина шарқида россияпараст айримачилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги отишмалар яна кучая бошлади ҳамда минтақада оғир гуманитар вазият юзага келган.

Ташкилот Бош котиби Ламберто Занньенинг Мюнхенда ўтган хавфсизлик бўийча халқаро анжуманда айтишича, урушаётган томонлар оғир ҳарбий техникани фронт чизиғига қайта олиб келган, россияпарастлар эса тунда ҳарбий машғулотларни ўтказмоқда. Ламберто Заннье Украина шарқидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш юзасидан имзоланган сулҳ битими кутилган натижаларни бермаётганидан афсус билдирди.

Украина шарқида 2014 йил апрелида бошланган жанговар ҳаракатларда шу кунгача 9 минг одам ҳалок бўлган. Мазкур ҳудудда жангларни тўхтатиш битими урушаётган томонлар ўртасида ўтган йилнинг февраль ойида Минскда имзоланган эди.

Ламберто Заннье Мюнхен анжуманида сўзлаган нутқи давомида: “Афсуски, бу конфликт ҳалигача бартараф этилгани йўқ. У ерда шу кунгача ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, айниқса айримачилар ҳарбий фаоллик кўрсатмоқда”, деб айтган.

ЕХҲТ Бош котиби ташкилотнинг қуролланмаган 700 нафар кузатувчиси учувчисиз бошқариладиган учоқлар ёрдамида Украина шарқидаги отишмаларда ракеталар ва гаубицалар ишлатилаётганини аниқлаганларини таъкидлади.