Ўзбекистонда туман ҳокимларидан фермерларга ер бериш ҳуқуқи олиб қўйилди

Вазирлар Маҳкамаси 10 февралда қабул қилган қарорга биноан фермерларга ер майдонларини бундан буён туман ҳокими эмас, балки фермерларнинг ҳудудий кенгашлари ва ер участкалари бериш масалалари бўйича комиссиялар хулосасига асосан Халқ депутатлари туман кенгаши қабул қилади.

Бу ҳақдаги хабарларда айтилишича, фермернинг ер сўраб ёзган аризасини фермерлар ҳудудий кенгашига топширади, Кенгаш аризани 2 кун ичида кўриб чиқади ва хулосасини аризага қўшиб ер участкалари бериш масалалари бўйича комиссияга топширади.

Комиссия ўз қарорини Халқ депутатлари туман кенгашига юборади. Масала бўйича қарорни Кенгаш ўз сессиясида қабул қилади ва уни ҳокимга юборади.

2015 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 83 минг 514 фермер хўжалиги мавжуд бўлгани ва уларнинг ҳар бирига берилган ерлар ўлчами ўртача 43,9 гектарни ташкил қилган.

Вазирлар Маҳкамаси 2015 йил 15 декабрда қабул қилган қарор билан фермер хўжаликлари ер майдонларини “мақбуллаштириш” жараёни ўтказилди фермерлар ихтиёридаги ерлар қайта тақсимланиб, 101 минг 70та фермер хўжалиги ташкил этилди, ер майдонининг ўртача ўлчами 36,1 гектарни ташкил қилди.