Қирғиз журналисти ички ишлар вазири кўрсатмаси билан калтакланганини иддао қилди

Турат Акимов Озодлик қирғиз хизматига интервью бермоқда.

Қирғизистонлик журналист Турат Акимов 20 февраль куни ўзига нисбатан номаълум шахслар томонидан қилинган ҳужум ортида Ички ишлар вазири тургани тўғрисида баёнот берди. Журналист ўз айбловини тушунтиргани ёки шарҳлагани йўқ. Айни пайтда Турат Акимов ўзи ва яқинларига бирор таҳдид бўлса ички ишлар вазирининг ёрдамчиси билан қилган суҳбати эълон қилинишидан огоҳлантирди.

“Деньги и власть” газетаси бош муҳаррири Турат Акимовнинг 22 февраль куни берган бу баёнотини Ички ишлар вазирлиги асосиз ва куракда турмайдиган айблов сифатида баҳолади.

Президент Алмазбек Атамбаев журналистга ҳужум қилингани юзасидан терговни шахсан ўз назоратига олган.