Россия мухолифати Рамзан Қодиров ҳақида ҳисобот эълон қилди

Номаълум шахс ҳисоботни тақдим қилаётган россиялик мухолифатчи устидан пул акси туширилган қоғоз дастасини сочиб юборди.

Россия Халқ озодлиги партияси - Парнас мухолиф партияси Чеченистон президенти Рамзан Қодиров фаолияти ҳақидаги танқидий ҳисоботни эълон қилди.

Ҳисоботда Қодиров ўз теграсида Россия хавфсизлигига таҳдид солувчи қарийб 30 минг кишилик кучли "хос армия"ни тузиб олгани айтилган.

23 февраль куни Москвада ўтган тақдимот маросимида Парнас партияси етакчиси Илья Яшин Қодиров ҳукуматини "коррупциялашган, Россия ва Чеченистонга таҳдид солувчи режим", деб таърифлади.

Матбуот анжумани олдидан бинога бомба ўрнатилгани ҳақида ёлғон ахборот пайдо бўлди ва полиция унинг ўтказилишига қаршилик кўрсатди. Аммо, шунга қарамай мухолифатчилар ҳисоботни тақдим қилдилар.

65 саҳифали ҳисоботга муносабат билдирган Рамзан Қодиров уни "қуруқ гапдан бошқа нарса эмас", деб баҳолади.

Ҳисоботда, шунингдек, Рамзан Қодиров Чеченистонда "ўз ҳалифалигини ўрнатган, ҳашамдор ҳаётда кайфини сураётган, шариат қонунларини Россия қонунларидан устун қўйган ва ўз ҳарбий қудратини тиклаётган" бир раҳбар сифатида таърифланган.