Белорусда ушланган тожик мухолифатчиси озод қилинди

Белорус ҳибсхонасида 8 ойдан ортиқ сақланган тожикистонлик мухолифат фаоли Шабнам Худойдодова озод этилди.

Минскдаги "Весна" ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳининг хабар қилишича, Худойдодова 22 февраль куни қочқинлик мақомини олганидан сўнг озод қилинган.

Бу аёл 2015 йилнинг 15 июнида Россиядан Белорусга кираётганида қўлга олинган эди. Июль ойида Европа Иттифоқи расмийлари Минск раҳбариятини мухолифатчи аёлни Тожикистонга экстрадиция қилмасликка чақирган.

Душанбе 29 ёшли мухолифатчини бир қатор айбловлар билан айблаган. Бу аёл хориждаги тожикистонликлар тузган "24 гуруҳи" мухолифат ҳаракатининг аъзосидир. Бу гуруҳ Тожикистонда экстремист гуруҳ сифатида тақиқланган.

Гуруҳ етакчиси Умарали Қувватов 2015 йилнинг 5 мартида Туркияда отиб кетилган эди.