Москвада Немцовни хотирлаш учун 30 мингга яқин одам йиғилди

Москва, Петербург ва Россиянинг бошқа ўнлаб шаҳарларида шанба куни ўтган митингларда Борис Немцов хотирланди.

Немцов бир йил муқаддам Москва марказида отиб кетилган эди.

Москвадаги намойишларда турли ҳисобларга кўра, 25 мингдан 30 мингга қадар одам иштирок этди. Иштирокчилар Москванинг Страстный хиёбонидан Сахаров проспектигача кўча юриши ўтказдилар.

Юриш сўнггида намойишчилар Москворецкий кўпригига бордилар ва сиёсатчи ўлдириб кетилган жойга гулдасталар қўйдилар.

Шунингдек, намойиш давомида Немцов ўлдирилган жойда унинг хотирасига ёдгорлик қўйиш сўрови остида петиция ўтказилди.

Петербургдаги намойишларда 3 мингдан ортиқ одам иштирок этгани хабар қилинмоқда. Юзга яқин одам эса Киевда Немцовни хотирлади.