БМТ Европа ҳукуматларини қочқинлар муаммосини ҳал қилмаётганликда айблади

БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш агентлиги Европа давлатларини қочқинлар бўҳронини ҳал қилиш учун биргаликда ишламаётганлик, аксинча, чегарани мустаҳкамлаш мақсадида халқаро қонунчиликка зид чекловлар жорий қилаётганликда айблади.

Айни пайтда Грецияда 24 минг қочқин йиғилиб қолган ва жуда оғир шароитда кун ўтказмоқда.

Агентликнинг матбуот котиби Адриан Эдвардс 1 март кунги баёнотида: "Европа ҳозир ўз ҳудудида ўзи яратаётган улкан гуманитар бўҳрон остонасида турибди", деди.

Унинг Озод Европа/Озодлик радиосига айтишича, 2016 йилнинг дастлабки икки ойида 131 минг 724 муҳожир Ўрта Ер денгизидан ўтиб, Европага кирган.

БМТ вакили айни пайтда Греция чегарасининг қочқинлар жамланган нуқталарида озиқ-овқат, бошпана етишмаётгани, бунинг оқибатида зўравонлик кузатилаётганини айтди.