БМТ Хавфсизлик кенгаши Пхенянга қарши санкцияларни кучайтирди

БМТ Хавфсизлик кенгашининг мажлисларидан бири.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Корея томонидан ўтган ой баллистик ракета учирилишига жавобан Пхенянга қарши халқаро санкцияларни сезиларли даражада кенгайтиришни кўзда тутган резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Янги қоидаларга кўра, эндиликда Шимолий Кореяга йўл олган ва бу мамлакатдан келаётган барча юк кемалари мажбурий текширувдан ўтказилиши лозим.

Шунингдек, Шимолий Кореяга кичик калибрдаги ва енгил қурол-аслаҳаларнинг ҳар қанақа турини сотиш ёки топширишга тақиқ жорий қилинди.

Бундан ташқари, санкциялар “қора рўйхат”идаги шахслар ва ташкилотлар рўйхати кенгайтирилди. Оммавий ахборот воситалари булар сўнгги йигирма йил ичида жорий қилинган энг кескин чоралар экани ҳақида ёзмоқдалар.

АҚШ президенти Барак Обама БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар кучайтирилишини олқишлади.