Истанбулда Zaman газетаси ёпилишидан норозилар полиция билан тўқнашди

Истанбулда Туркиядаги мухолиф бўлган Zaman газетаси таҳририятининг ёпиб қўйилишидан норозилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Шанба кунги тўқнашувларда оломонни тарқатиш учун полиция кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланди. Полиция рейдидан бир неча соат ўтиб, газета таҳририяти очилди.

Бу воқеани кузатаётган ЕИ мулозимлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Туркия ҳукуматини мухолиф газета таҳририятига бостириб кириш ҳаракатлари учун қораламоқда.

Европа Комиссияси аъзоси Йоханнес Хан Twitter саҳифасида Туркия ЕИга қўшилишни истаган номзод сифатида матбуот эркинлигини ҳурмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Жума куни Туркия полицияси мухолифатдаги Zaman газетасининг Истанбулдаги биносига бостириб кирган, таҳририят олдида тўпланган намойишчиларга қарата кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни қўллаган эди.

Газета АҚШда қочқинликда яшаётган турк уламоси Фатхулла Гуленга алоқадор кўрилади. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Гуленни ўз ҳукуматига қарши фитнада айблаб келади.

Истанбулдаги рейдлардан бир кун ўтиб "Заман" газетаси фаолиятини қайта бошлагани айтилмоқда.