Савченкони озод қилиш бўйича чақириқни 200 дан зиёд машҳур имзолади

Украиналик учувчи Надя Савченко.

200 дан зиёд сиёсатчи ва бошқа машҳур шахслар Россиядан украиналик учувчи Надежда Савченкони озод қилишни талаб қилиш бўйича “фавқулодда чоралар” кўриш чақириғи билан Европа лидерларига очиқ хат йўллади.

Мазкур хатни имзолаганлардан бири - адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексиевич Россия расмийларини “фуқаролик ҳақлари, халқаро ҳуқуқ ва ўз Конституцияси” устидан кулаётганликда айблайди.

Надежда Савченко 2014 йил июлида Украина ҳудудидан Россияга ўғиринча олиб чиқиб кетилган. Россияда учувчи аёл Украинадаги фуқаролар урушини ёритаётган икки рус журналистининг ўлимида айбланмоқда.

Ҳозирда судланаётган Савченкога нисбатан 9 март куни ҳукм ўқилиши мумкин. Прокурор украин учувчисига 23 йиллик қамоқ жазоси сўрамоқда. Савченко ўзига билдирилган айбловни тан олмаган.

Суд Савченкони сўнгги сўздан маҳрум қилганидан сўнг учувчи аёл 10 кунлик очлик эълон қилган.