АҚШ ИШИДнинг "ҳарбий вазири" бўлган Умар чечен ўлдирилганини билдирди

Умар Ал Шишоний.

Пентагон расмийлари ўтган ҳафтада Суриядаги террорчилар қароргоҳларига беирлган ҳаво зарбалари оқибатида ИШИДнинг Умар Ал Шишоний номи билан танилган қўмондони ўлдирилганини билдирди. Расмийларга кўра, 4 март куни берилган ҳаво зарбаси пайтида 12 жанггари ҳам ҳалок бўлган.

Пентагон матбуот котиби Питер Кук Суриянинг Ал Шаддадеҳ шаҳри яқинидаги террорчилар манзиллари бомбардимон қилинганини айтди. Унга кўра, ўлдирилган ИШИД қўмондонининг асл исми Тархан Батирашвили бўлган. У нуфузли қўмондон бўлиб, жумладан, ИШИДнинг “ҳарбий вазири” ҳам бўлган. Тархан Батирашвили “Умар чечен” лақаби билан танилган.

Шишоний ИШИДнинг Суриядаги энг ваҳший жанггариларидан бири эди. У билан бир қаторда террор ташкилоти сафларида юзлаб чеченлар жанг қилмоқда. Шишоний Грузиянинг Панкис водийсида туғилиб ўсган этник чечендир.