Толиблар Ҳилманд вилоятидаги давлат идораларига ҳужум қилди

Ҳилманд вилоятида Толибон ҳужумига учраган давлат муассасаларидан бири, Герешк, 2016 йил 9 марти.

Толибон ҳаракати жанггарилари Афғонистон жанубидаги Ҳилманд вилоятида жойлашган давлат муассасаларига ҳужум уюштирди. Бу вилоятда сўнгги пайтларда толибларнинг ҳукумат қўшинлари билан тўқнашувлари кўпайган.

Ҳилманд вилоят губернатори матбуот котиби 9 март куни жанггарилар Герешкдаги полиция ва махсус хизматлар идораларига ҳужум қилганларини билдирди. Мулозимга кўра, хавфсизлик кучлари разведка идорасига қилинган ҳужум қайтарилган.

Полиция идорасига уюштирилган худкуш ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати зиммасига олди.

Ҳилманд вилоятидаги вазиятни текшириш учун президент Ашраф Ғани томонидан тайинланган депутат Жаббор Қаҳрамон полиция билан тўқнашув чоғида ҳужумчилардан камида етти нафари ўлдирилганини маълум қилди. Унинг айтишича, тўқнашув чоғида уч полициячи ҳам ҳалок бўлган.

Февраль ойи охирида толиблар ҳукумат қўшинларини Ҳилманд вилоятининг Навзод ва Мусоқалъа туманларидан сиқиб чиқаргандилар.