Эрон яна ўрта масофали ракета синовини ўтказмоқда

Қўшма Штатларнинг огоҳлантирувига қарамасдан, Эроннинг инқилоб посбонлари корпуси ўз кучини кўрсатиш учун икки кундан буён баллистик ракеталар синовини ўтказмоқда.

Давлатга қарашли Tasnim ахборот агентлигининг хабар қилишича, инқилоб посбонлари корпуси Эрон шимолидаги тоғлардан икки ракета учирган. Мамлакат жанубий-шарқидаги нишонга етиб боргунича ракеталар 1400 километр масофани учиб ўтган.

АҚШ мулозимлари ракета синовлари ўтказилганидан хабардор эканлари ва бу каби синовлар БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини бузиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Январь ойида Вашингтон 2015 йил октябрида ўтказилган ўрта масофали ракета синови бўйича Эрон ракета дастурига алоқадор ширкатлар ва шахсларга қарши санкциялар жорий қилганди. Айни пайтда Оқ уй бу ракета синовлари Эрон ядровий дастури бўйича халқаро битимни бузмаслигини билдирмоқда.