АҚШ Сурия шимолидаги мухториятларни тан олмайди

Давлат департаменти расмийси Жон Кирби.

Қўшма Штатлар Сурия ҳудудида “ўзини ўзи бошқарувчи мухториятлар” тузилишини тан олмайди. Бу ҳақда пайшанба куни Давлат департаменти баёнот берди.

Аввалроқ курд партиялари Сурия шимолидаги ўз назорати остидаги ҳудудларда “федерал тузилма” ташкил этилгани ҳақида билдирган эди.

Давлат департаменти расмийси Жон Кирби АҚШ Сурияни ягона ва бўлинмас давлат сифатида кўришини билдирди. “Вашингтон Сурияда ўзини ўзи бошқарувчи ярим мухтор ҳудудларни тан олмайди”, дейилади баёнотда.

Курдларнинг “федерал тузилма” ташкил этгани тўғрисидаги баёноти Сурия ҳукумати ва Миллий мухолифат коалицияси томонидан ҳам қабул қилинмади. Туркия курд партияларининг бу каби бир томонлама ҳаракатларини қоралаб чиқди.