ЕИ ва Туркия қочқинлар масаласидаги сўзлашувларни давом эттирмоқда

Грециядаги қочқинлар лагери.

Бугун Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасида Бельгия пойтахти Брюсселда қочқинлар масаласидаги сўзлашувларнинг навбатдаги босқичи ўтказилади.

Европа Иттифоқи лидерлари Туркияга Европага келган қочқинларнинг бир қисмини қайтариши эвазига катта миқдорда молиявий ёрдам ҳамда турк фуқароларига Европа Иттифоқига визасиз кириш ҳуқуқини ваъда қилмоқда.

Европа Кенгаши раиси Дональд Туск мазкур масалада Европа Иттифоқига аъзо 28 давлат ягона позицияга келиши учун яна кўп ишлар қилиниши лозимлигини айтди. Германия канцлери Ангела Меркель "Мураккаб музокаралар олдинда турибди, бироқ музокараларнинг асосий йўналиши аниқлаб олинди”, деб билдирди.

Нидерландлар бош вазири Марк Рютте Туркия билан шартнома имзоланган тақдирда “уч-тўрт ҳафта ичсида Европага муҳожирлар оқими тўхтатилиши”га умид билдирди. Литва президенти Даля Грибаускайте эса қочқинларни Туркияга қайтариш халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келишини ва бу ишни амалга ошириш қийин бўлишини таъкидлади.