Брюсселдаги террактлар қурбонлари сони 34 кишига етди

Портлашларни содир этганликда гумонланаётган шахсларнинг фотосуратлари.

Бельгия пойтахти Брюсселда содир этилган террорчилик ҳаракатлари қурбонлари сони 34 кишига етди, 180 одам яраланди.

Бельгия соғлиқни сақлаш вазири Мэгги де Блок яраланганлардан кўпининг аҳволи ўта оғир эканини айтиб, ҳалок бўлганлар сони янада кўпайиши мумкинлигини билдирди.

22 март куни Брюссель аэропорти ва метросида содир этилган портлашларда камида 21 одам ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Бельгия ҳукумати террорчиликлар ортидан мамлакатда хавфсизлик чораларини кучайтирди. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан Брюсселга қўшимча равишда 225 ҳарбий жалб қилинди. Хавфсизлик кучлари Брюссель аэропортидаги портлашларга алоқадолрликда гумонланган уч шахснинг фотосуратини эълон қилди.

Бельгия хавфсизлик кучлари Брюсселнинг Схарбек мавзесида ўткизган рейдлар давомида портловчи моддалар ва “Исломий давлат” гуруҳининг байроғини топгани хабар қилинмоқда.

22 март куни Брюсселдаги портлашлар учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олган.