АҚШ уч штатида Берни Сандерс дастлабки сайловларда ғалаба қозонди

АҚШда президентликка номзодлик учун Вашингтон, Аляска ва Ҳавайида ўтган дастлабки сайловларда сенатор Берни Сандерс ғалаба қозонди.

26 март куни бу уч штатда кокуслар - партия аъзолари йиғилиши бўлиб ўтди.

France-Presse агентлиги берган хабарга кўра, Ҳавайидаги кокусларда Вермонт штатининг 74 ёшли сенатори Сандерс 71 фоиз, собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон эса 29 фоиз овоз тўплаган. Аляскада Сандерс 79 фоиз, Клинтон 20,8 фоиз, Вашингтонда эса сенатор 72 фоиз, Клинтон 27,7 фоиз овоз тўплаган.

Бироқ, охирги сайловлардаги ютуқларига қарамай Сандерс умумий ҳисобда Клинтондан ортда қолмоқда.

Республикачилардан президентликка номзодлар орасида эса Дональд Трамп етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Ҳозирча унинг асосий рақиби сенатор Тед Круз бўлмоқда.

АҚШда президентлик сайлови шу йилнинг 8 ноябрида бўлади.