Қирғиз мухолифати лидерлари қамоққа олинди

Интернетда қирғиз мухолифати раҳбарларига оид экани айтилаётган аудиоёзув.

Қирғизистон мухолифати “ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганлик”да айбланиб қамоққа олинган мухолифат лидерларини озод қилиш талаби билан норозилик тадбирлари ўтказишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухолифат вакилларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

22 март ва 27 март кунлари Интернетда “мухолифат ҳокимиятни куч билан босиб олмоқчи”, деган сарлавҳа остида мухолифат лидерларининг ўзаро телефон суҳбати пайтида ёзиб олинган аудио тарқатилган эди. Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати мана шу аудиоёзув ортидан жиноят иши очган ва мухолифат лидерлари Бектур Асанов, Кубаничбек Кадиров, ва Эрнест Карибеков ҳибсга олинган. Ўтган ҳафта охирида Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди қарори билан уларга 2 ой қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мухолифатнинг яна бир вакили Дуулатбек Турдуналиевга эса қидирув эълон қилинди.