Тоғли Қорабоғда қуролланган сепаратчилар стратегик муҳим тепаликни эгаллади

Тоғли Қорабоғдаги қуролли тўқнашув пайтида олинган сурат.

Тоғли Қорабоғдаги сепаратчи қуролли кучлар якшанба куни ўтган жанглардан сўнг Горадиз шаҳри яқинидаги стратегик муҳим тепалик устидан назоратни қўлга киритгани маълум қилинди. Мазкур тепалик Озарбайжон кучлари назоратида эди.

Озарбайжон 3 апрель куни Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни бир томонлама тўхтатишини билдирган. Аммо Арманистон бу баёнотни “чалғитиш”, деб баҳолаган.

Тоғли Қорабоғда 2 апрель куни бошланган Арманистон ва Озарбайжон ҳарбий тўқнашувида шу кунгача 30 одам ҳалок бўлгани айтилмоқда. Улардан 12 нафари Озарбайжон, 18 нафари Арманистон ҳарбийсидир.

Шўролар даврида Озарбайжон таркибида бўлган Тоғли Қорабоғ мухторияти 1991 йилдан бери Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги баҳсли ҳудуд бўлиб келади. 1991-1994 йилларда Тоғли Қорабоғ учун Арманистон ва Озарбайжон ўртасида уруш бўлган эди.