Бухорода МДҲдаги энг улкан қуёш электр станцияси қурилди

МДҲ бўйича энг улкан экани айтилаётган 1,2 мВт кучланишга эга қуёш электр станцияси Бухорода қуриб битказилди.

Podrobno.uz нашри маълумотига кўра, Enesol ширкати томонидан қурилган станция кундузи 5000 кВтгача, тунги пайтда 1000 кВт энергия ишлаб чиқариш имконига эга. Бу қувватдаги энергия билан 1,5 минг аҳолиси бўлган кичик шаҳарчани доимий таъминлаш мумкин.

Enesol маълумотига кўра, янги станция Россиянинг “Лукойл” ширкатининг Қандим конидаги лойиҳаси доирасида ERIELL компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган.

Янги станция марказий электр таъминоти тармоқларидан узоқда жойлашган ишлаб чиқариш объектлари ва қурилиш лойиҳаларини электр билан таъминлаши айтилмоқда.

Ўзбекистонда кейинги йилларда электр энергияси соҳасида бўҳрон кузатилмоқда. Чекка қишлоқлар кунига фақат маълум соатгина электр билан таъминланаяпти.

Ҳукумат вазиятдан чиқиш ҳаракатида Бухородаги каби лойиҳаларни йўлга қўяпти. Яқинда Самарқандда ҳам 100 МВт қувватга тенг янги қуёш станцияси қуриш режалаштирилган.