Туркманистонда оила қурмоқчи бўлганлар ОИТВ текширувидан ўтади

Туркманистондаги тўй маросими (иллюстратив сурат).

Туркманистонда қабул қилинган янги қонунга мувофиқ, бундан буён оила қурмоқчи бўлганлардан орттирилган иммунтанқислиги вируси текширувидан ўтиш талаб қилинади. Бундан вирусга чалинган одамлар никоҳ учун рухсат ололмаслиги англашилади.

Туркманистондаги давлат нашрлари хабарига кўра, янги тартибдан кўзда тутилган мақсад “соғлом оилалар қуриш ва болаларнинг ОИТВ билан туғилишининг олдини олиш”дир.

Бу каби текширув эндиликда гиёҳванд модда истеъмол қилувчи шахслар, иш визаси олмоқчи бўлган чет элликлар, судланганлар ва қон донорлари учун ҳам мажбурий қилиб қўйилди.

Президент Қурбонқули Бердимуҳамедов имзолаган қонунда ОИТВга чалинган одамларни бепул даволаш кафолатланган. 2002 йилда туркман расмийлари мамлакатда вирус юқтирган фақат икки киши борлиги, улар ҳам касалликни хориждан юқтириб олгани ҳақида баёнот бергандилар. Ҳозирда Туркманистонда ОИТВга чалинган 15 минг чоғли одам борлиги тахмин қилинади.