Афғонистон - Тожикистон чегарасида жанггариларни тайёрлаш маркази аниқланди

Толибон жанггарилари.

Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош бўлган Қундуз вилоятидаги Дашти Арчи туманида афғон махсус хизматлари террорчиларни тайёрлашга мўлжалланган мадрасани аниқлади. Бу ҳақда Қундуз ҳокими Асадулла Умархол 12 апрель куни маълум қилди.

Унга кўра, мадрасада машиналарга мина ўрнатиш, худкуш камарларни тайёрлаш каби ҳаракатлар ўргатилади. Мадрасага Покистон фуқароси бўлган Имронхон исмли шахс раҳбарлик қилади.

Хабарларда айтилишича, Толибон қўмондони мулла Жаннат Ғола назоратида бўлган ушбу мадрасада 300 одам жанггариликка тайёрланмоқда. Мазкур мадраса толибон назоратидаги ҳудудда жойлашгани учун ҳам ҳукумат кучлари мадраса фаолиятини тўхтата олмаётгани билдирилди.