Қозоғистон ва Эрон ўртасида 1,1 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Теҳрондаги сўзлашувлар чоғида.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг 11-12 апрель кунлари Эронга қилган расмий ташрифи доирасида қозоқ ва эрон бизнесменлари ўртасида умумий қиймати 1 миллиард 100 минг доллар бўлган 50та шартнома имзоланди.

Жумладан, Эронинг САНИР ва Қозоғистоннинг “Евросиё инвест групп” ширкатлари имзолаган шартнома асосида Эрон Қозоғистонда учта электр станцияси барпо этади.

Эрон матбуотининг 12 апрель куни хабар беришича, битта 50 МВтли шамол электр станцияси ва иккита 250 МВтли иссиқлик электр станциялари Каспий денгизи бўйида ҳамда Олмаота яқинида барпо этилади. Лойиҳаларни амалга ошириш муддати 18 ой қилиб белигланган.

Назарбоев Эрондан Туркияга сафар қилади. Бу ерда қозоқ президенти 13-14 апрель кунлари ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XIII –саммитида иштирок этади. 15 апрель куни эса Назарбоевнинг Тошкентга келиши кутилмоқда.