Акаси бош вазир бўлиши кутилаётган қирғиз парламенти спикери истеъфо берди

Асилбек Жээнбеков акаси бош вазирликка сайланиши арафасида истеъфо берди.

Қирғизистон парламенти раиси Асилбек Жээнбеков акаси Сўўрўнбай Жээнбеков номзоди бош вазирликка кўрсатилгани муносабати билан 13 апрель куни истеъфо берди. Кеча Сўўрўнбай Жээнбеков номзодини парламентдаги олти фракциядан тўрттаси қўллаб-қувватлашини билдирган эди. Бош вазирни сайлаш жараёни бугун тушдан кейин бошланади.

Қирғизистон парламенти раиси Асилбек Жээнбеков 13 апрель куни депутатлар олдида чиқиш қилиб, акаси Сўўрўнбай Жээнбеков номзоди бош вазирликка кўрсатилгани муносабати билан истеъфо берганини маълум қилди.

Қирғизистон қонунларида яқин қариндошларнинг давлат органларида бир вақтнинг ўзида юқори лавозимларни эгаллаши тақиқланади. Бироқ Асилбек Жээнбековнинг ҳали акаси бош вазирликка сайланмасдан туриб истеъфо бергани, Сўўрўнбай Жээнбековнинг бу лавозимга сайланиши аниқ бўлиб қолганини англатади. Парламентдаги фракцияларнинг деярли барчаси Сўўрўнбай Жээнбеков номзодини қўллаб-қувватлашларини билдирган.

Парламент фракцияларида депутатлар билан учрашган Сўўрўнбай Жээнбеков эса бош вазир лавозимини эгаллаш унинг тушига ҳам кирмаганини, бу ҳукумрон Социал-демократлар партиясининг қарори бўлганини айтмоқда:

- Партия менга ишонаяпти. Мен бош вазир бўлиб қолсам, Қирғизистон халқи, парламент ва президент олдида уялиб қолмаслик учун ҳалол ишлаб бераман. Мен “шарманда қилма, ҳалол ишлашимга мадад бер”, деб Худога илтижо қилаяпман, -деди Сўўрўнбай Жээнбеков.

57 ёшли Сўўрўнбай Жээнбеков 2010 йилдан бери ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакили бўлган, шу йилнинг 23 мартида президент маъмурияти раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган. Ижтимоий тармоқларнинг Қирғизистон контентида фойдаланувчилар Сўўрўнбай Жээнбеков масъул лавозимларда ишлар экан, кўзга кўринарли ўзгаришларни амалга оширмаганини таъкидлашмоқда.

Сўўрўнбай Жээнбеков депутатлар олдида сўзлаган нутқида Қирғизистон транспорт ва коммуникация вазири Аргинбек Малабаев истеъфога чиқиши кераклигини айтган. Малабаев Темир Сариевни йўл қурилишлари юзасидан тендерларнинг қонунбузарлик билан ўтказилишига алоқадарликда айблаган. Шундан сўнг Темир Сариев 11 март куни истеъфо берган эди.

- Сўнгги кунларда мен ва ҳукумат иши атрофида очиқ ёлғон ва найранг кампанияси авж олганидан ҳамманинг хабари бор. Шу сабабли сиёсий муҳит кескин ўзгарди. Бундай вазият ҳукумат иш тартибини анча қийинлаштириб қўйди.

Ҳукумат фаолиятининг турли йўналишлари доимий асоссиз айбловлар нишонига айланди. Балиқчи-Кўрумду йўлини реконструкциялаш масаласи буларнинг энг шиддатлиси бўлди. Ғийбат муҳити ҳукуматни қийин аҳволга солиб қўйди, унинг иши қарийб фалажланиб қолди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай бўлиши мумкин эмас.

Мамлакат ва халқ манфаатларини шахсий сиёсий манфаатларимдан устун қўйган ҳолда мен бугун истеъфога кетаман. Бундан мамлакат президентини хабардор қилдим, - деган Темир Сариев ўз истеъфоси айбловларни тан олганини англатмаслигини, “пок ном”и учун охиригача курашишга тайёр эканини билдирди.