Тожикистонлик машҳур режиссёр Россияга киритилмади

Тожикистонлик режиссёр Барзу Абдураззоқов.

Россиялик чегарачилар таниқли тожик режиссёри Барзу Абдураззоқовнинг Россия Федерацияси ҳудудига киришига изн бермадилар ва бир соат сўроқ-савол қилганларидан кейин уни Тожикистонга бадарға қилдилар.

Барзу Абдураззоқовнинг паспортида Украина, Туркия ва Грузия муҳрларини кўрган рус чегарачилари уни Москвага киритмаганлар. Бу ҳақда режиссёрнинг ўзи 13 апрель куни Озодликнинг тожик хизматига маълум қилди.

Қирғизистонлик актёрлар билан бирга Москвага учиб борган Абдураззоқов у ердан МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатларининг халқаро театр фестивали ўтказилаётган Санкт-Петербургга ўтиб кетиши керак эди. Бу фестивалда Барзу Абдураззоқов ўзи саҳналаштирган “Манқурт ҳақида баллада” спектаклини тақдим қилмоқчи эди.