CPJ Анқарани журналистларни ҳимоя қилишга чақирди

Қароргоҳи АҚШда бўлган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) турк расмийларини журналистларни ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўришга чақирди. Бунга Туркия жанубий-шарқида суриялик журналистга муҳтамалан “Исломий давлат” экстремистик гуруҳи аъзолари томонидан содир этилган ҳужум сабаб бўлган.

Тележурналист Муҳаммад Заҳир аш-Ширкат ҳордиқ кунлари Газиантеп шаҳридаги одам гавжум жойда отиб кетилганди. У 12 апрель куни касалхонада жон берган. Ҳужум учун масъулиятни ИД гуруҳи зиммасига олган.

Муҳаммад Заҳир ИД томонидан Туркия ҳудудида ўлдирилган суриялик журналистларнинг тўртинчиси бўлди.

CPJ баёнотида ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури директори Нина Огнянованинг: “Туркия расмийлари журналистларни ўлдириш қабул қилиб бўлмас ҳол экани ва бу жазосиз қолмаслигини ошиғич намойиш қилишлари лозим”, деган сўзлари келтирилган.