БМТ: Афғонистонда тинч аҳолидан қурбонлар озайди, жароҳатланганлар ортди

БМТ бу йилнинг дастлабки уч ойида Афғонистондаги уруш қурбонлари орасида тинч аҳоли вакиллари 600 кишига етгани ва ўтган йилнинг айни муддатига нисбатан 13 фоизга озайгани ҳақида ҳисобот тарқатди.

БМТнинг Афғонистондаги миссияси томонидан 17 апрель куни эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, жароҳатланганлар сони эса 11 фоизга ошган ва умумий ҳисобда 1 минг 343 нафарни ташкил қилган.

Аҳоли зич ҳудудларда кўпайган жанг ҳаракатлари натижасида қурбон бўлган болалар сони 29 фоиз, аёллар сони эса 5 фоизга ошган.

Ҳисоботга кўра, қурбонларнинг 60 фоизи ҳукуматга қарши кучларнинг ҳужумларида нобуд бўлган. Аммо, айни пайтда ҳукумат қўшинлари ҳарбий ҳаракатлари чоғида нобуд бўлганлар орасида граната ва миномётдан ўлганлар сони ошган.

БМТнинг навбатдаги ҳисоботи Афғонистонда Толиблар яна янги ҳужумларни уюштиришини айтиб, таҳдид қилган бир кезда эълон қилинди.