Доҳа музокаралари барбод бўлиши ортидан нефть нархи рекорд даражада қулади

10 соатдан ошиқ давом этган музокаралар натижа бермади

18 апрель куни жаҳон бозорида нефть нархи икки ой мобайнидаги рекорд даражада қулади. Якшанба куни нефть экспорт қилувчи мамлакатлар Доҳадаги йиғинда ишлаб чиқариш кўламини қисқартириш борасида муросага келиша олмаганидан кейин Нью Йорк биржасида Брент русумидаги нефтнинг фючерс нархлари 6,8 фоизга шўнғиб, бир баррель учун 37,61 АҚШ долларини ташкил қилди.

Бу 1 февральдан бери бир кунлик савдода нархрнинг рекорд даражадаги қулашидир.

Бунинг ортидан Россия қимматбаҳо қоғозлар биржасидаги кўрсаткичлар ҳам ўртача 4 фоизга арзонлади. Россия рубли ҳам доллар ва еврога нисбатан 3 фоизга қадрсизланди.

17 апрель куни Қатар пойтахтидаги йиғинда Россия ва нефть экспорт қилувчи давлатлар уюшмаси – ОПЕКнинг Эрондан ташқари барча аъзолари иштирок этди.

10 соатдан ортиқ давом этган музокаралар натижасиз якунланди. Нефть экспорти ҳажми бўйича етакчи давлат бўлган Саудия Арабистони ишлаб чиқариш ҳажмини музлатишга доир ҳар қандай келишув ОПЕКнигн барча аъзоларига тааллуқли бўлиши шарт дея баён қилди.

Лекин уюшма аъзоси бўлган Эрон ишлаб чиқариш кўламини Теҳроннинг ядровий дастурига боғлиқ халқаро санкциялар жорий этилишидан аввалги даражага чиқармагунига қадар қазиб олиш кўламини оширишда давом этишини айтмоқда.